Нетаняху: Исроил Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймайди

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху Исроил якка қолган тақдирда ҳам Эроннинг ядровий қурол яратишига йўл қўймаслигини билдирди.

Сешанба куни БМТ Бош ассамблеясида қилган чиқишида Нетаняху Теҳрон ядровий қурол яратиш ниятидан воз кечмаганини айтиб, фақат кескин санкциялар ҳамда ишончли ҳарбий таҳдид Эронни бу йўлдан қайтара олишини таъкидлади.

Бош вазир Нетаняху Ислом Республикаснинг янги президенти Ҳасан Руҳоний сўзларига ишонмаслигини ва у “қўй терисига бурканган бўри” каби эканини айтди.

Шу билан бирга, Исроил расмийси Фаластин билан тинчлик музокараларини олиб бориш тарафдори эканини, бироқ Фаластин дастлаб Исоил давлатини тан олиши кераклигини билдирди.

Эроннинг БМТдаги миссияси вакили Ҳодадад Сайфий Нетаняхуни “иғвогарлик”да айблади.