АҚШ: Ҳукумат бюджети ҳали ҳам тасдиқлангани йўқ

АҚШда ҳукуматни молиялашни қайта бошлаш бўйича президент Барак Обама ва мухолифатдаги Республикачилар партияси етакчилари ўртасида ўтган сўзлашувлар самара бермади.

Конгресс бюджетни ўз вақтида маъқулламагани туфайли мамлакатда аксар давлат ва бюджет ташкилотлари, жумладан, миллий боғлар учинчи кундирки ўз ишини тўхтатган.

Пайшанба куни ўтган сўзлашувларнинг самарасиз якунланиши ортидан Республикачилар ва Демократлар бир-бирига қатор айбловлар илгари сурди.

Республикачилар демократ президент Барак Обама таклиф этган давлат суғуртаси дастурини бекор қилишни ёки уни бир йилга кечиктиришни талаб қилиб, шундагина бюджетни маъқуллаймиз, демоқда.

Сўзлашувлардан олдин CNBC телеканалига берган интервюсида президент Обама ҳукуматни молиялашни бошлаш ва ҳукуматнинг қарз олишига қўйилган чекловини кўтариш бўйича қонун қабул қилинмагунча Республикачилар билан сўзлашувлар ўтказмаслигини айтди.

Агар қарз олишга қўйилган чеклов кўтарилмаса, мамлакат дефолтга учраши мумкин.