Ҳукумат иши тўхтаб қолгани боис АҚШ президенти Осиё сафари қолдирди

АҚШ Президенти Барак Обама.

АҚШ Президенти Барак Обама мамлакат ҳукумати фаолиятининг қисман тўхтатилиши билан боғлиқ вазият боис келаси ҳафта Осиёга режалаштирган сафарини қолдирди.

Оқ уй тарқатган баёнотда айтилишича, Обама Балида ўтадиган Осиё-Тинч Океан Иқтисодий Ҳамкорлиги ташкилоти ҳамда Брунейда ўтадиган Шарқий Осиё саммитларида қатнашмайди. Расмийларга кўра, иккала мамлакатга борадиган АҚШ делегациясига давлат котиби Жон Керри етакчилик қилади.

Обама Вашингтонда қолиб, мухолифатдаги Республикачилар партияси билан бюджетни тасдиқлаш ва ҳукумат ишини тиклашга қаратилган музкоараларни давом эттиради, дейилади расмий баёнотда.

Жорий ҳафта бошроғида Оқ уй президент Обама Осиёга сафарини қисқартириб, дастлаб режалаштирилганидек тўрт давлат эмас, иккита мамлакатга боришини маълум қилган эди. Бу давлат хизматчиларининг мажбурий таътилга чиқариб юборилгани боис, сафарни ташкиллаштириш учун етарли мутахассислар етишмаслиги билан изоҳланди.