ҲРУ муҳожирларни "ноинсоний" шароитда ҳибсда сақлаётган Сочини қоралади

Сочида олимпия иншоотларининг аксари асосан марказий-осиёлик меҳнат муҳожирлари қўли билан қурилди.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Россиянинг Сочи шаҳрида меҳнат муҳожирлари “ноинсоний” шароитда ҳибсхоналарда сақланаётганини танқид қилди. Халқаро ташкилотга кўра, миграция ва меҳнат қонунчилигини бузганликда айбланаётган муҳожирларининг аксари кўринишидан славян миллатига мансуб бўлмагани сабабидан таъқибга учраган.

Меҳнат муҳожирларининг ҳибсга олиниши Сочида 2014 йилги Қишки Олимпия ўйинлари бошланишига беш ой қолганда рўй бермоқда.

Жума куни эълон қилинган баёнотида ҲРУ вакили Жэйн Буканан “Сочининг ялтироқ Олимпия иншоотларини қуришга ёрдам берган меҳнат муҳожирларининг ҳибсхоналарга тўпланиб, депортация қилинаётгани ақл бовар қилмайдиган ҳолатдир”, дея таъкидлади.

ҲРУга кўра, муҳожирларга қарши рейдлар Краснодар ўлкаси губернатори Александр Ткачёв 3 сентябр куни Сочи шаҳри кўчаларини муҳожирлардан “тозалашга” чақириши ортидан бошланган.

Буканан Халқаро Олимпия Қўмитасини олимпиада ўйинларига мезбонлик қиладиган шаҳар учун бундай ҳатти-ҳаракат “мутлақо қабул қилиб бўлмас” ҳолат экани тўғрисида “аниқ мужда” юборишга чақирди.