Ироқда худкуш ҳужум қурбонлари сони ошиб бормоқда

Ироқлик ҳарбий шиалар зиёратгоҳини қўриқламоқда, Бағдод, 2013 йилнинг 6 октябри.

Якшанба куни икки худкуш Ироқ шимолидаги полиция участкаси ва мактабга бомбали ҳужум уюштиргани оқибатида камида 13 киши нобуд бўлди. Улар орасида 10 нафар бола ҳам бўлган.

Маълумотларга кўра, кеча бошқа бир худкуш Бағдод шимолидаги шиалар зиёратгоҳи яқинида портлаш мосламасини ҳаракатга келтиргани натижасида камида 12 киши ҳалок бўлган.

Сўнгги ойларда Ироқда диний адоват асосидаги зўравонлик хуружлари сони кескин кўпайиб кетди. Хусусан, шанба куни худкуш шахс Бағдоддаги шиалар зиёратгоҳида йиғилган оломон орасида ўзини портлатиб юборгани оқибатида элликка яқин киши нобуд бўлганди.