Россия парламенти раиси Тожикистонни интеграциялашувга қўшилишга чақирди

Россия Давлат Думаси раиси Сергей Наришкин Тожикистонни “Евроосиё интеграция жараёнига қўшилиш”га чақирди.

Душанбедаги Россия-Тожикистон университети талаба ва ўқитувчилари билан учрашган Наришкин, шунингдек Россияда меҳнат қилаётган тожикистонлик муҳожирларга уч йиллик ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар берилишини ваъда қилди. Ҳозирда бундай рухсатномалар бир йилга берилади холос.

Тожикистонга бир кунлик сафар билан келган Давлат думаси раисининг душанба куни президент Имомали Раҳмон билан учрашиши режалаштирилган. Душанбедан Бишкекка жунаб кетишдан аввал Наришкин Тожикистон ҳукуматининг бошқа расмийлари билан ҳам учрашади.

Москва Тожикистон, Қирғизистон ва собиқ иттифоқнинг бошқа респубкликаларини Россия етакчилигидаги Божхона иттифоқига қўшилишга ундаб келади. Бу иттифоққа ҳозирда Россия, Қозоғистон ва Беларус киради.