Эдвард Сноуденнинг отаси Москвага келди

Лон Сноуден.

АҚШ разведкасининг собиқ ходими Эдвард Сноуденнинг отаси Москвага етиб келди. Лон Сноуден ўғли билан учрашишга умид қилаётганини билдирди.

АҚШ ҳукумати томонидан жосусликда айбланиб, қидирувга берилган Эдвард Сноуденга Россия вақтинча бошпана берган. Сноуден бундан бир неча ой олдин АҚШ ҳукуматининг кузатув дастурларига оид махфий информацияни матбуотга сиздириши ортидан Қўшма Штатларни тарк этган ва июн ойида Москвага келган эди. Ҳозирда унинг яширин жойда яшаётгани айтилмоқда.

Пайшанба куни Москванинг Шереметьево аэропортида мухбирлар билан мулоқот қилган Лон Сноуден ўғли Қўшма Штатларни тарк этганидан бери у билан бевосита алоқага чиқмаганини билдирди.

Эдвард Сноуден АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигига доир мамлакат ичкариси ва хорижда амалга оширган йирик кузатув дастури тўғрисидаги махфий маълумотларни ошкор қилгани учун жосусликда айбланиб, қидирилмоқда.