Адабиёт бўйича Нобел канадалик ёзувчига берилди

Ёзувчи Элис Мунро.

Адабиёт бўйича 2013 йилги Нобел мукофоти канадалик новелист-ёзувчи Элис Мунрога насиб қилди. Бу ҳақда пайшанба куни Стокҳолмдаги маросимда Швеция Қироллиги Фанлар академияси эълон қилди.

- Адабиёт бўйича 2013 йилги Нобел мукофоти Канадалик ёзувчи – замонавий қисқа ҳикоялар устаси Алис Мунрога берилди, дея эълон қилди Швеция Фанлар академияси доимий котиби Питер Инглунд.

Дунёнинг энг нуфзли мукофотига даъвогарлар исмлари, одатга кўра, сўнгги дақиқаларгача сир сақланди. Нобел қўмитаси аъзолари ҳатто номзодларини муҳокама қилишда ёзувчиларнинг асл исмларини эмас, махсус тўқилган таҳаллусларни ишлатди.

Нобел мукофотига номзодлар рўйхати 50 йил сир сақланади ва бу йилги даъвогарлар исмларини ярим асрдан кейин билиб олиш мумкин бўлади. Лекин шунга қарамасдан, букмекерлар ўз рўйхатларини эълон қилиб, одамлар номзодлар учун пул тикишаётган эди.

Энг кўп пул тикилган номзодлар орасида биринчи ўринда машҳур япон ёзувчиси Харуки Мураками кетаётган эди. Мутахассислар кейинги 10 йил давомида Муракамини Нобел мукофотига асосий даъвогар сифатида қайд этиб келади.

Букмекерларнинг бу йилги рўйхатида Элис Мунро иккинчи ўринда эди. Бундан ташқари Беларуслик ёзувчи Светлана Алексиевич ҳам мукофотга даъвогар, деб кўрилаётган эди.

Ўтган йили адабиёт оламидаги энг нуфузли мукофот хитойлик ёзувчи Мо Янга насиб қилган эди.

1,2 миллион АҚШи доллари илова қилинадиган мукофот декабрда топширилади.