Бобоназарова Тожикистон президентлиги учун курашмаслигини эълон қилди

Ойнихол Бобоназарова.

Тожикистон президентлигига мухолифат номзоди Ойнихол Бобоназарова 6 ноябрга белгиланган сайловда иштирок этмаслигини эълон қилди.

Тожикстон Марказий сайлов комиссияси пайшанба куни Бобоназаровага имзоларни тўплаш муҳлатини яна бир кунга узайтиришини билдирган эди.

Мухолифат номзоди рўйхатдан ўтиш учун талаб қилинган 210 минг имзони 11 октябргача тақдим қилиши мумкин эди. Лекин Бобоназарованинг айтишича, ўз сайловолди штаби етарли имзоларни тўплай олмаган. У расмийларни имзо тўплаш жараёнига тўсқинлик қилганликда айблади.

Бобоназарованинг номзоди Ислом Уйғониш партияси, Социал Демократлар партияси ва яна бир неча жамоатчилик ташкилотини бирлаштирувчи коалиция томонидан илгари сурилган эди.

Ҳозирча олти сиёсатчи, жумладан иқтидордаги президент Имомали Раҳмон, келаси ойда ўтказиладиган сайловда номзод сифатида қатнашиш учун рўйхатга олинган.

Ўтган ойда Бобоназарова ўз сайловолди штаби милиция тўсиғига дуч келаётганидан шикоят қилглан эди.