Сурияда Қизил Хоч қўмитасининг етти ходими ўғирлаб кетилди

Сурия шимолидаги Идлиб вилоятида Қизил Хоч халқаро қўмитасининг етти ходими ўғирлаб кетилди.

Уларнинг олти нафари хорижлик, яна бири суриялик фуқаро экани айтилмоқда.

Қўмита матбуот котиби ўғирлаб кетилган хорижлик ходимларнинг қайси мамлакатлардан эканини очиқлашдан бош тортди.

Қизил Хоч халқаро қўмитаси ўз ходимларининг зудлик билан ва ҳеч қандай шартсиз озод қилишини талаб қилиб чиқди.

Сурия давлат оммавий ахборот воситалари якшанба куни қўмита ходимларини президент Башар Ассад режимига қарши курашаётган исёнчилар ўғирлагани ҳақида хабар тарқатганди.

Маълум бўлишича, Қизил Хоч ходимлари шимолга дори-дармон етказиб бериб, Дамашққа қайтаётган пайтда ўғирланган.