Москвада қотилликка норозилик билдиргани йиғилган ёшлар ҳибсга олинди

Сешанба куни Москва полицияси рус миллатига мансуб йигитнинг ўлдирилишига норозилик билдиргани йиғилган юзга яқин ёшларни ҳибсга олди.

Полициянинг ушбу ҳаракатидан бир неча соат олдин Россия расмийлари тўполонларга сабаб бўлган қотилликда гумонланаётган муҳожир ушлангани ҳақида хабар тарқатди.

Ҳуқуқ тартибот органларига кўра, қотилликда гумонланаётган муҳожир 30 ёшли озарбайжонлик Орҳан Зейналовдир.

Россия матбуоти Зейналов Москва четидаги Коломна шаҳрида ушлангани ва ҳибсга олиниш жараёнида махсус кучларга қаршилик кўрсатгани ҳақида хабар тарқатди.

Зейналов 10 октябр куни 25 ёшли Егор Шчербаковни пичоқлаб ўлдирганликда гумонланмоқда.

Шчербаковнинг ўлдирилгани якшанба куни Бирюлёво туманида оммавий зўравонликка сабаб бўлди.

Воқеада 23 одам, жумладан, полициянинг 8 ходими жароҳат олган.

Якшанба кунги зўравонликлардан кейин Россия полицияси 1200 дан ортиқ меҳнат мухожирини ҳибсга олди. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.