Тадқиқот: Дунёда 30 миллионга яқин киши қулликда кун кечирмоқда

Дунё бўйлаб қуллик даражасини ўрганган тадқиқот натижаларига кўра, айни дамда жаҳонда 30 миллионга яқин киши қулликда яшамоқда.

Ҳисоботда айтилишича, улар асосан мажбурий меҳнат қурбонлари, жинсий қулликга мажбур қилинганлар, қарзини меҳнати билан узаётганлар ва айрим ҳолларда қулликда туғилганлардир.

Австралияда жойлашган Walk Free ташкилоти тарафидан ўтказилган мазкур тадқиқот натижаларига кўра, дунёдаги қулликда бўлганларнинг ярми Ҳиндистонда жойлашган.

Тадқиқотда дунё бўйлаб жами 162та давлатда одамларнинг қулликда яшаш ҳоллари аниқлангани айтилади.

Хитойда 2,9 миллион киши, Покистонда 2,1 миллион киши, Россияда эса 516 минг киши қулликда кун кечирмоқда, дейилади ҳисоботда.

Замонавий қуллик кўрсаткичлари ва хавфи ўрганилган жаҳон қуллик индексида Ўзбекистон 47-ўринга, собиқ Совет давлатлари орасида эса Молдовадан сўнг иккинчи ўринга қўйилган.

Ўзбекистондаги қуллик кўрсаткичларининг юқори бўлишига асосан мамлакатдаги мажбурий пахта кампанияси сабаб экани айтилади.