Обама АҚШни дефолтдан қутқарадиган қонунни имзолади

АҚШ Президенти Барак Обама.

АҚШ Президенти Барак Обама Америка дефолтга юз тутишининг олдини олиш ва 16 кундан бери фаолияти қисман тўхтатилган ҳукумат ишини тиклашга қаратилган қонунни имзолади.

Обама чоршанба куни ҳужжатни имзолашидан бироз аввал республикачилар кўпчиликни ташкил қиладиган АҚШ Вакиллар палатаси ва демократлар назоратидаги Сенат уни маъқуллади.

Оқ уйнинг бюджет масалалари бўйича бошқармаси федерал ҳукумат хизматчилари пайшанба кундан ишга чиқишлари мумкинлигини билдирди.

Ҳужжат қабул қилинганидан кейин ўтказилган брифингда Обама конгресснинг республикачи ва демократ вакилларига мазкур масала бўйича муросага эришганлари учун миннатдорчилик билдирди. Энди америкаликларнинг ишончини тиклаш фурсати келди, деди Обама.

Конгресс аъзолари 17 октябргача АҚШ давлат қарзи миқдорини 16,7 триллион доллардан ошириш бўйича қарор бермаганда, мамлакат дефолтга учраши мумкин эди.