Сноуден АҚШ сирларини Россия ва Хитой махфий хизматларига бермаганини иддао қилмоқда

Эдвард Сноуден.

Америка махфий хизматлари сирларини фош қилган Эдвард Сноуден АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигидан ўғирлаган маълумотларни Россия ва Хитой махсус хизматларига тақдим қилмаганини айтмоқда.

АҚШнинг “New York Times” газетасига берган интервьюсида Сноуден барча ҳужжатларни, Москвага учиб кетишидан аввал Ҳонг Конгда журналистларга бериб юборганини таъкидлади.

Америкалик собиқ жосуснинг яна айтишича, у махсус малакаси ёрдамида ҳужжатларнинг Хитой махфий хизматлари қўлига тушиб қолмаслиги чорасини ҳам кўрган.

Сноуден ўзи Америкадан олиб чиққан ҳужжатлардан бирортаси Россия ва Хитой махфий хизматлари қўлига тушиб қолиши “имкони нолга” тенг, дея иддао қилди.

Сноуден АҚШ ҳукумати жаҳон бўйлаб телефон сўзлашувлар ва Интернет ёзишмаларни кенг миқёсда кузатганига доир маълумотларни очиқлаган. АҚШ ҳукумати жосусликда айблаб қидирувга берган Сноуденга Россия бир йилга бошпана берган.