Ироқдаги ҳужумларда ўнлаб одам нобуд бўлди

Ироқ пойтахти Бағдоддаги қаҳвахоналардан бирида кеча худкуш шахс портлаш мосламасини ҳаракатга келтирди. Бошқа бир ҳужум эса Бағдод жанубида амалга оширилди.

Мазкур ҳужумлар чоғида камида 34 киши ҳалок бўлгани, 50 дан зиёд киши яралангани айтилмоқда.

Шунингдек, якшанба куни Ироқнинг Рава шаҳрида уюштирилган террорчилик хуружи натижасида 8 киши нобуд бўлди, камида 28 киши жароҳатланди.

Франс-пресс агентлиги маълумотларига кўра, октябр ойида Ироқда содир этилган зўравонликлар чоғида ўлдирилганлар сони 480 кишидан ошиб кетди. Йил бошидан буён эса бу мамлакатда қарийб 5200 киши ҳалок бўлган.