Кимёвий қуролларни йўқ қилиш бўйича миссия раҳбари Дамашққа борди

Суриядаги кимёвий қурол сақланаётган объектлардан бирида текширув ўтказаётган халқаро инспекторлардан бири.

Кимёвий қуролларни йўқ қилиш бўйича халқаро миссия раҳбари Сигрид Кааг душанба куни Дамашққа етиб борди. Бу ҳақда Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти баёнотида айтилади.

Маълумотларга кўра, ўтган ҳафтада БМТ ва Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти қўшма миссиясига раҳбар этиб тайинланган Кааг хоним ҳафта охирида Ҳаагага бориб, мазкур ташкилот бош директори Аҳмет Узумжу билан учрашган.

Ҳозир Сурияда БМТ ва Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотининг 60 га яқин эксперти ишлаяпти. Улар Сурия кимёвий қуролларининг йўқ қилиниш жараёнини назорат қилаяптилар.

Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти маълумотларига кўра, инспекторлар ҳозиргача кимёвий қурол сақланаётган 17 та жойда текширув ўтказганлар. Дамашқ расмийлари кимёвий қурол сақланаётган 20 та объект ҳақида маълумот тақдим этганлар.

20 дан зиёд объектда текширув ўтказилиши ҳақида билдирган халқаро экспертлар Сурияда кимёвий қурол сақланаётган жойлар бўйича аниқ бир рақам келтирмаганлар.

Душанба куни Сурия жанубидаги Даръа шаҳри яқинидаги ҳукумат қўшинлари билан тўқнашув чоғида Озод Сурия армиясининг юқори лавозимли қўмондони Ёсир ал-Абоуд ўлдирилгани хабар қилинганди.

Сурия армиясининг собиқ зобити ал-Абоуд мамлакатда Башар Ассад режимига қарши оммавий халқ чиқишлари бошланган дастлабки кунлариёқ мухолифат сафига қўшилганди.