Британиялик денгиз пиёдаси яраланган афғон жангарисини ўлдирганликда айбланмоқда

Британия Қироллик денгиз пиёдалари ҳарбийси 2011 йили Афғонистонда хизмат ўташ пайтида яраланган жангарини отиб ўлдирганликда айбланмоқда.

Прокурорларга кўра, британиялик ҳарбий яраланган афғон жангарисининг кўкрагига яқин масофадан туриб ўқ узган.

Ушбу воқеа бўйича жами уч ҳарбий судланмоқда. Уларнинг барчаси қотилликда айбланган.

Қотиллик 2011 йилнинг сентябр ойида Афғонистоннинг Ҳелманд вилоятида жойлашган ҳарбий базага уюштирилган ҳужумдан сўнг рўй берган.

Воқеа судланаётган ҳарбийлардан бирининг шлемига ўрнатилган видео камера ёзган тасвирга тушиб қолган.

Ўтган йили ҳибсга олинган ҳарбийлар айбловларни инкор этиб келмоқда. Агар айби исботланса, улар ҳарбий қамоқда жазо ўташга юборилади.