Бокуда мухолифат митинги бўлиб ўтди

Мухолифатдан президентликка собиқ номзод Жамил Ҳасанли Бокудаги митингчилар олдида чиқиш қилмоқда, 2013 йилнинг 27 октябри.

Якшанба куни Озарбайжон пойтахтида мухолифат уч ҳафта аввалги президентлик сайловлари натижасига норозилик ифодаси ўлароқ бир неча минг кишилик митинг ўтказди.

9 октябр куни ўтказилган ва Илҳом Алиевнинг 85 фоиз овоз билан учинчи маротаба давлат раҳбари бўлиб сайланишига олиб келган президентлик сайловлари халқаро кузатувчилар томонидан танқид қилинганди.

Кечаги мухолифат митингида президентликка собиқ номзод, ўтган сайловларда 6 фоиздан камроқ овоз олган Жамил Ҳасанли ўтган сайловларни “ғирромона ва ноқонуний”, деб атади.

Бокудаги норозилик тадбири иштирокчилари расмийларни сиёсий маҳбус ҳисобланмиш кишиларни озод қилишга чақирдилар ва ҳукуматдан мустақил оммавий ахборот воситаларига босим ўтказишни тўхтатишни талаб қилдилар.

Маҳаллий полиция вакилларига кўра, мухолифат митингида бор-йўғи 1000 киши қатнашган ва расмийлар томонидан рухсат берилган мазкур акция “жиддий нохушликларсиз” якунланган.