Ассад: Сурияда тинчлик ўрнатилиши исёнчиларга ташқи ёрдам тўхтатилишига боғлиқ

Башар Ассад (чапда) БМТ вакили Лаҳдар Браҳимий билан учрашувда.

Сурия президенти Башар Ассад мамлакатдаги урушни тўхтатиш борасидаги музокаралар исёнчиларга ташқи ёрдам кўрсатилишига барҳам берилсагина самарали бўлишини айтди.

Сурия телеканали Ассаднинг “исталган сиёсий қарор бевосита террорчи гуруҳларга ёрдам кўрсатиш тўхтатилиши билан боғлиқ”, деб билдирганини кўрсатди.

Чоршанба куни Башар Ассад БМТ ва Араб лигасининг Сурия бўйича вакили Лаҳдар Браҳимий билан Дамашқда учрашган эди. Браҳимий низолашаётган томонларни музокаралар столи атрофига йиғиш мақсадида Сурияга борган.

Бироқ Суриянинг қувғиндаги мухолифати ҳисобланган Сурия миллий кенгаши Башар Ассаднинг истеъфосини талаб қилмоқда ва президент вакиллари билан учрашувдан бош тортиб келмоқда.

Жорий йил охирида Женевада Суриядаги низони бартараф этиш юзасидан халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган. Бу анжуманда низолашаётган томонларнинг иштирок этиши шарт қилиб қўйилган.