ЕХҲТ: Митровицадаги сайлов натижаларини чиқариш имконсиз

Косоводаги ЕХҲТ миссияси сўзловчиси Никола Гаон.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакиллари Косово шимолидаги Митровица шаҳрида ниқобли кишилар уч сайлов участкасига ҳужум уюштиргани учун бу ерда сайлов натижаларини чиқариш имкони йўқлигини айтмоқдалар.

Якшанба куни Митровицадаги сайлов участкаларига серб миллатчилари ҳужум қилган ва бу ердаги сайлов қутиларини синдириб ташлагандилар.

Ҳужумдан сўнг маҳаллий сайлов комиссияси аъзолари ва ЕХҲТ кузатувчилари сайлов участкаларидан эвакуация қилинган.

Косово Марказий сайлов комиссияси раҳбари Вальдете Дака Озодликка ЕХҲТ шимолий ҳудудлардаги сайловларга оид ҳужжатларни ўз идорасига топширганини, аммо Марказий сайлов комиссияси бу натижаларни ҳисобга олиш ёки олмаслик ҳақида бир қарорга келмаганини билдирди.

Косово президенти Атифете Яҳяга мамлакат шимолида қонун устиворлигини таъминлаш мақсадида зўравонликка барҳам берилажагини таъкидлади.

Шимолий ҳудуд истисно қилинганда, якшанба кунги сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган косоволикларнинг тақрибан 46 фоизи иштирок этгани айтилмоқда.