Тожикистонда президентлик сайлови ўтказилмоқда

Тожикистон Марказий сайлов комиссияси тарқатган маълумотларга кўра, 6 ноябрга белгиланган сайловни ўтказиш учун мамлакат бўйлаб 3158 та сайлов участкаси очилган.

Маҳаллий вақт билан эрталабки соат 6 да очилган бу сайлов участкалари кечки соат 20 да ёпилиши кутилмоқда.

Давлат раҳбари лавозими учун олти номзод, шу жумладан, амалдаги президент Имомали Раҳмон кураш олиб боради. Экспертлар фикрича, Тожикистонни моҳиятан 21 йилдан буён бошқариб келаётган Имомали Раҳмон бу гал ҳам осонгина ғалаба қозониши мумкин.

Бирлашган мухолифат номзоди Ойниҳол Бобоназарова “зарур бўлган миқдорда сайловчилар имзосини йиғолмаганлиги учун” сайловга қўйилмаган.

Тожикистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, президентлик сайловини 6 мингдан зиёд маҳаллий ва 500 дан ортиқ халқаро кузатувчи кузатиб боради.