Тожикистон: Президент сайловининг дастлабки натижалари бугун эълон қилинади

Тожикистонда 6 ноябрь куни бўлиб ўтган президент сайловининг дастлабки натижалари бугун эълон қилиниши кутилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, сайловчиларнинг 80 фоизидан кўпроғи овоз беришда иштирок этган.

Давлат раҳбари лавозими учун олти номзод, шу жумладан, амалдаги президент Имомали Раҳмон кураш олиб борди.

Экспертлар фикрича, Тожикистонни 1994 йилдан буён бошқариб келаётган Имомали Раҳмон бу гал ҳам осонгина ғалаба қозониши мумкин.

Эслатамиз, бирлашган мухолифат номзоди Ойниҳол Бобоназарова “зарур бўлган миқдорда сайловчилар имзосини йиғолмаганлиги учун” сайловга қўйилмаган.

Озодлик радиосининг Тожик хизмати президент сайловида қатор қоидабузарликлар кузатилгани ҳақида хабар бермоқда.

Аввларлроқ хабар берилганидек, сайловлар арафасида Тожикистондаги қатор интернет провайдерлар YouTube видеопортали ва бир нечта муҳолифат веб-сайтларига тўсиқ қўйди.

Тожикистондаги президент сайловини кузатиб борган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти пайшанба куни ўз ҳисоботини эълон қилади.

Ташкилот ҳозиргача Тожикистонда ўтказилган ҳеч бир сайловни очиқ ва эркин деб тан олмаган.