Женевада Эрон ядровий дастурига доир музокаралар бошланди

Эрон билан 5+1 ўртасидаги музокаралар икки кун давом этади.

Женевада Эрон ядровий дастурига доир бўҳронни ҳал қилишга қаратилган музокаралар бошланди. Эрон ҳамда дунёнинг олти қудратли давлатидан иборат 5+1 гуруҳи вакиллари ўртасидаги музокаралар икки кун давом этади. 5+1 гуруҳига БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси - АҚШ, Россия, Франция, Британия ва Хитой билан Германия киради.

Музокаралар бошланишидан аввал, Эроннинг ядровий масалалар бўйича бош музокарачиси, Ташқи ишлар вазири Жавад Зариф сўзлашувда қатнашаётган томонларнинг барчаси яхши ҳаракат қилса, ўн йилдан бери Эрон билан олти қудратли давлат ўртасида давом этаётган ядровий тортишувларга барҳам берувчи келишув шу ҳафта қабул қилиниши мумкин, дея баён қилди.

ЕИ Ташқи сиёсат бўйича олий комиссари Кэтрин Эштон билан нонуштадан кейин чиқиш қилган Зариф “агар ҳар биримиз ҳаракат қилсак, бир нарсага эришишимиз мумкин”, дея таъкидлади.

Дипломатларга кўра, 5+1 вакиллари Эронга нисбатан халқаро санкцияларни юмшатиш эвазига, Теҳрондан ўз ядровий дастурларига оид муайан чекловларни жорий қилишини истамоқда.