Футбол: Бугун Ўзбекистон Вьетнамга қарши ўйнайди

Бугун футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2015 йилги Осиё кубоги саралаш ўйинлари доирасида Вьетнам жамоаси билан беллашади.

Вьетнам пойтахти Ханой шаҳридаги бўлиб ўтадиган учрашув Тошкент вақти вилан соат 17:00да бошланади. Унда Ўзбекистон жамоаси оқ, мезбонлар эса кўк либосда ҳаракат қилишади.

14 ноябрь куни ўтган ўйинолди матбуот анжуманида Ўзбекистон терма жамоси бош мураббийи Миржалол Қосимов ўз шогирдларининг ғалабасига ишонишини айтиб ўтди.

- Биз Вьетнамгача олис масофани босиб ўтдик. Қаттиқ чарчаган бўлсак-да, бир кунлик дам олишдан кейин футболчилар ҳам жисмонан, ҳам руҳан тикланиб улгуришди… Биз ўз кучимизга ишонамиз ва ғалаба қозонамиз, - деди Миржалол Қосимов.

Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё кубоги саралаш ўйинлари доирасидаги кейинги учрашуви 19 ноябрда Гонконгда маҳаллий терма жамоага қарши бўлиб ўтади.

Осиё кубоги саралаш босқичининг “Е” гуруҳида беллашаётган Ўзбекистон терма жамоаси айни дамда 4 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Биринчи ўринни уч ўйинда учта ғалабага эришган БАА жамоаси эгаллаб турибди.