Қозондаги авиаҳалокатда Татаристон президентининг ўғли ҳалок бўлди

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари Қозонда рўй берган самолёт ҳалокати сабабларини ўрганмоқда. Якшанба куни Татаристон пойтахтига қўнаётган пайтда қулаган Boeing-737 йўловчи самолёти бортидаги 50 кишининг барчаси ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида Татаристон президентининг ўғли Ирек Минниханов ҳамда Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Татаристон бошқармаси раҳбари Александр Антонов ҳам бор.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари тергов ишларида ёрдам бериш учун Москвадан Қозонга учиб келди.

Қозон аэропортида душанба куни тушга қадар парвозлар тўхтатилди.

Татаристон ҳаво йўлларига қарашли йўловчи учқич Москванинг Домодедово аэропортидан чиқиб, Қозонга кетаётган бўлган.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, авиаҳалокат самолёт аэропортга қўнаётган пайтда содир бўлган.

Россия президенти Владимир Путин ҳалок бўлганларнинг яқинларига таъзия изҳор қилди ва авиаҳалокат сабабларини ўрганиш учун ҳукуматга топшириқ берди.

Ҳалокатга учраган Boeing 737 самолёти, маълумотларга кўра, 23 йилдан бери эксплуатация қилиб келинган. Бошқа маълумотларда мазкур самолёт “Татаристон” авиаширкати томонидан 2008 йилда сотиб олингани айтилади.