Грузия: Иванишвили сиёсатдан чекинганини эълон қилди

Грузия собиқ бош вазири Бидзина Иванишвили.

Грузия собиқ бош вазири Бидзина Иванишвили якшанба куни “Грузия орзуси” партиясининг Тбилисида ўтказилган қурултойида сиёсатдан кетишини эълон қилди.

- Мен сиёсатдан кетаман, аммо жамиятнинг фаол аъзоси бўлиб қолишда давом этаман, - деди Иванишвили.

2012 йил октябрида Грузия бош вазири мақомини эгаллаган Бидзина Иванишвили бу лавозимда ўз сафдоши Георгий Маргвелашвили президент сифатида қасамёдга келтирилгунга қадар ишлади. Собиқ президент Саакашвилининг “Ягона миллий ҳаракат”и қарши майдонга тушган “Грузия орзуси” коалицияси раҳбари Иванишвили ўз партияси сайловда ғалаба қозонганидан кейин бош вазир лавозимида бир йилгина ишлашини билдирганди.

Айрим таҳлилчилар Бидзина Иванишвили сиёсатдан кетганини эълон қилганига қарамай, “у парда ортида туриб Грузия сиёсий турмушига ўз таъсирини кўрсатишда давом этади”, дея тахмин қилмоқдалар.