Украина ЕИ ассоциациясига қўшилмади

"Жонли ҳалқа" акцияси иштирокчилари.

29 ноябрь куни Вильнюсда якунланган “Шарқий ҳамкорлик” саммитида Украина Европа Иттифоқи билан ассоциацияга кириш тўғрисидаги шартномани имзоламади. Лекин Украина президенти Виктор Янукович яқин келажакда ушбу шартномани имзолашга ваъда берди.

Айни пайтда Украина бўйлаб Европа Иттиқофи тарафдорларининг норозилик акциялари давом этаяпти.

Бугун “Евромайдон” намойишчилари Киев марказидан Польша чегарасигача “жонли ҳалқа” қилиш акциясини давом эттираяпти.

Бунинг учун бир пайтнинг ўзида 500 минг одам бир-бирига қўл ушлаб туриши лозим бўлади.

Киев марказидаги “Незалежности” майдонидан бошланган “жонли ҳалқа” Львов орқали ўтаяпти.

"Жонли ҳалқа"нинг асосий қисми Киев-Чоп трассасидан ўтаяпти. Ҳозирда Ровно ва Житомир шаҳри аҳолиси акцияга жалб қилинмоқда.

Киевда ҳукумат тарафдорларининг ҳам намойиши бўлиб ўтмоқда. Ташкилотчилар маълумотига кўра, Европа майдонида тахминан 50 минг одам йиғилган.