Украина Олий Радаси ҳукуматга ишончсизлик ҳақидаги резолюцияни рад этди

Украина Бош вазири Николай Азаров.

Украина Олий Радаси Бош вазир Николай Азаров ҳукуматига ишончсизлик билдириш ҳақидаги резолюцияни тасдиқламади.

186 депутат буни маъқуллаб овоз берди. Бироқ, бу ҳужжат парламент тасдиғидан ўтиши учун уни энг камида 226 депутат қувватлаши керак эди.

Бу ҳужжат ҳукуматни "Украина халқини сотганлик"да айблаган муҳолифат томонидан парламент муҳокамасига қўйилган эди.

Украинадаги норозилик намойишлари авж олишига президент Виктор Януковичнинг Европа Иттифоқи билан ассоциацияга киришиш тўғрисида битимни имзолашдан бош тортгани сабаб бўлган.

Мазкур намойишлар 2004 йилги Зарқалдоқ инқилобидан буён ўтказилаётган энг катта норозилик акциялари экани айтилмоқда.

Украинада сиёсий бўҳрон кучайиб бораётганига қарамай, президент Янукович сешанба куни Хитойга сафар қилишни кўзлаб турибди. Душанба куни Украина президенти Ассоциация тўғрисидаги битим бўйича музокараларни қайта бошлаш илтимоси билан Европа комиссияси раҳбари Жозе Мануэл Баррозуга мурожаат қилди.

Бу орада Украина бош вазири Николай Азаров Киев ва бошқа жойлардаги норозилик чиқишларида “давлат тўнтаришининг барча аломатлари бор”лигини билдирди.