"Сурияда Ал-Қоидага алоқадор гуруҳ оммавий қатлларни амалга оширмоқда"

Amnesty International – Халқаро Амнистия ташкилоти пайшанба куни эълон қилган ҳисоботда Сурияда ҳаракат қилаётган Ал-Қоида тармоғига алоқадор гуруҳ асирларга нисбатан қийноқ қўллаши ва яширин қамоқхоналарда оммавий қатлларни амалга ошираётгани айтилади.

18 саҳифадан иборат ҳисоботда Amnesty International Сурия шимолидаги Алеппо ва Ал-Раққа вилоятларида ўзларини Ироқ ва Левант Исломий Давлати (ISIS) деб атовчи гуруҳга доир еттита ҳибсхона борлиги ҳамда у ерда қийноқ ва оммавий қатллар амалга оширилаётгани айтилади.

Amnesty International ташкилотининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка дастурлари директори Филип Лютернинг айтишича, ISIS гуруҳи томонидан ўғирлаб кетилганлар орасида саккиз ёшли болалар ҳам бўлган ва улар катталар билан бирга ҳибсда сақланган.

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот халқаро ҳамжамиятни “ISIS ва уруш жиноятларини амалга ошираётган бошқа жангари гуруҳларга қурол аслаҳа ва бошқа ёрдам оқимини чеклаш бўйича конкрет қадамларни амалга оширишга” чақиради.