Михаил Ходорковский қамоқхонадан чиқарилди

Михаил Ходорковский 2003 йилда Россия сиёсатида фаоллашишидан кўп ўтмай қамоққа олинган эди.

Собиқ олигарх Михаил Ходорковский Россия шимоли-ғарбидаги Карелия вилоятида жойлашган қамоқхонадан озодликка чиқди. Бу хабарни тасдиқлаган унинг адвокати Вадим Клювгант ўз мижозининг озод қилинганига оид бошқа тафсилотлардан бехабар эканини билдирди.

Россия Президенти Владимир Путин Ходорковскийни авф қилиш тўғрисидаги фармонни жума куни имзолади. Путин авф ҳақидаги қарор гумманитар прициплар асосида, Ходорковскийга бетоб онасига қарай олиши учун қабул қилинишини билдирди.

Ходорковскийнинг адвокатлари ЮКОСнинг собиқ раҳбари авф этишни сўраб, мурожаат қилгани тўғрисидаги иддаоларни инкор қилди.

Ходорковский 2003 йилда Россия сиёсатида фаоллашишидан кўп ўтмай ҳибсга олинган ва солиқдан бўйин товлашда айбланиб, 2005 йилда қамоққа ҳукм қилинган. 2010 йилда у яна бир бор судланиб, ўз ширкатидан нефт ўғирлаганликда айбланиб, иккинчи марта қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Ходорковскийнинг қамоқ жазоси 2014 йилнинг август ойида тугаши керак эди. У ҳеч қачон ўзига қўйилган айбловларни тан олмаган. Танқидчилар унинг қамоққа ташланишини сиёсий ўч олиш, дея баҳолаган.