Россия ва Қозоғистон раҳбарлари бир неча муҳим шартномани имзолади

Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўз давлатлари ҳамкорлигига оид бир қатор муҳим ҳужжатларни имзолади.

Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти саммити доирасида учрашган икки давлат раҳбари ҳарбий-техникавий ҳамкорликка оид ҳужжатни имзолади. Унда икки давлат армияси учун зарур ҳарбий ускуналарни биргаликда ишлаб чиқариш ва ҳарбий транспорт воситаларини бир-биридан сотиб олиш назарда тутилган.

Яна бир шартнома эса Бойқўнғир космодромини 2014-2015 йиллар давомида ҳам Россия ракеталари учирилиши учун ижарага бериш назарда тутилган.

Бундан ташқари, Россия нефтини Қозоғистондаги қувурлар орқали Хитойга экспорт қилиш масаласи келишилгани айтилмоқда.

Икки президент 24 декабрь куни Москвада Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти саммити доирасида учрашдилар. Унда Белорус, Арманистон, Қирғизистон президентлари ва Украина бош вазири иштирок этди.