Бангладешда норозилар ўнлаб сайлов участкасига ўт қўйди

Мухолиф партиялар бойкот эълон қилганига қарамай, Бангладешда умумий сайловлар ўтказилмоқда. Сайловни барбод қилиш учун минглаб мухолифат тарафдори сайлов участкаларига ўт қўйди. Зўравонликлар пайтида ўндан зиёд одам нобуд бўлди.


5 январь куни умумий сайловлар ўтказилаётган Бангладешда минглаб намойишчи сайлов участкаларига ўт чиқарувчи бомбалар отди.

Полиция маълумотига кўра, якшанба куни хавфсизлик кучлари ва намойишчилар ўртасида содир бўлган тўқнашувларда камида 18 одам ўлган. Сайловга бойкот эълон қилган мухолиф партиялар тарафдорлари 200 дан ортиқ сайлов участкасини ёқиб юборган ва сайлов бюлетенларини ўғирлаб кетган.

Ўз исмини айтмаган Богра шаҳридаги намойишчилардан бири Рейтерс агентлиги мухбирига мухолифат тарафдорларининг хатти-ҳаракати сайловни тўхтатишига умид билдирди.

- Демократия қайта тикланмагунича биз овоз беришга йўл қўймаймиз. Бу демократик давлат. Демократияни қўллаб-қувватловчи ҳар бир одам бу сайловга қарши, деди норозилик намойишчиларидан бири.

Сайловни барбод қилиш мақсадида ҳужум уюштирилгани иддао қилинганидан сўнг ҳукумат ташкил этган 18 мингдан ортиқ сайлов участкаларидан камида 183 тасида овоз беришни тўхтатди.

Сайлов натижалари сохталаштирилишининг олдини олиш мақсадида Бангладешда 1991 йилдан бери барча сайловлар сиёсий партияларга аъзо бўлмаган вакиллардан тузилган муваққат ҳукумат назоратида ўтказиб келинган эди.

Бироқ ҳокимият тепасига келган Авоми Лигаси бундай тизимга эҳтиёж йўқлигини айтиб 2010 йилда уни бекор қилган.

Бош вазир Шайх Ҳасина аввалги сайлов тизимини қайта тиклаш ҳақидаги мухолифат талабини бажаришдан бош тортган.

Мухолифат сайловга бойкот эълон қилгани боис Ҳасина хоним етакчилигидаги Авоми Лигасининг номзодлари парламентдаги ўринларнинг ярмидан кўпини рақобатсиз эгаллаши ва ҳокимиятни қўлида сақлаб қолиши кутилмоқда.

Мухолифатдаги Бангладеш миллий партияси аъзоси Моен Хон сайловни “сохта” ва “ўлик сайлов” деб атади.

Якшанба куни айрим фуқаролар овоз беришда қатнашаётганини ва бу ҳукуматнинг сайлов ўтказиш йўлидаги охирги уриниши бўлишига умид билдирди.

Пойтахт Дакада ташкил қилинган сайлов участкаларидан бирига келган Шилпи исмли аёл сайлов ҳақида Рейтерс ахборот агентлигига бундай фикр билдирди.

- Биз бугунги сайлов “бўлиб ўтиши”ни хоҳлаймиз. Бу сайловда зўравонликлар содир этилди. Биз яна шундай сайлов бўлишини истамаймиз, деди Дака шаҳрида яшовчи аёл.

Сайловолди кампанияси давомида 150 дан ортиқ одам нобуд бўлганидан кейин ҳукумат хавфсизликни таминлаш ишларига ўн минглаб аскарни жалб қилди.

Шунга қарамай, ҳарбийлар қон тўкилишининг олдини олишга муваффақ бўлмади.