Музлар қамалида қолган Россия тадқиқот кемасига йўл очилди

Антарктика музлари орасида қамалда қолган Россиянинг "Академик Шокальский" номидаги тадқиқот кемаси ваниҳоят эркинликка чиқиш учун йўл очилди.

Кема капитани Игорь Киселев тарафидан сешанба куни юборилган хабарда айтилишича, ҳудуддаги кучли шамоллар тўхтаган ва музлар орасидан кема юра оладиган ёриқлар пайдо бўлган.

Россия тадқиқот кемаси 24 декабр куни жанубий қутб музлари орасида қолиб кетган эди. Хитой, Австралия ва АҚШ тарафидан юборилган музёрар кемалар музлар кўплигидан тадқиқот кемасига яқинлаша олмаган эди.

“Академик Шокальский” бортидаги 52 нафар олимлар, сайёҳлар ва журналистлардан иборат йўловчилар 2 январ куни Хитойга қарашли вертолёт ёрдамида эвакуаcия қилинган эди.