Европа Туркияни коррупцияда айбланганларга нисбатан холис тергов ўтказишга чақирди

Европа Комиссияси Туркияни коррупция айблови билан қўлга олинганларга нисбатан холис ва очиқ тергов ўтказишга чақирди.

Европа Комиссияси матбуот котиби Оливер Бейли Европа Иттифоқи Туркиядан қонун устиворлигига амал қилинишини талаб этишини билдирди.

Бундан аввалроқ Туркияда 15 полиция бошлиғи ишдан олинган ва Анқарада 350 полиция офицери ишдан бўшатилган эди. Бундай чора собиқ вазирлар ва давлат банки раҳбарининг фарзандлари билан боғлиқ коррупция иши юзасидан тергов бошланиши арафасида амалга оширилди.

Оммавий ахборот воситалари пора олганлик айби билан Туркияда 25 киши қўлга олинганини хабар қилган. Ҳукумат раҳбари мазкур шахсларга нисбатан бошланадиган терговларни амалдаги ҳукуматни ағдариш мақсадида амалга оширилаётган фитна сифатида баҳолаган.