Ироқнинг Анбар вилоятида тўқнашувлар давом этмоқда

Ироқнинг Анбар вилоятида хавфсизлик кучлари билан Ал-Қойдага алоқадор жангарилар ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда. Исломчи жангларилар вилоятдаги икки шаҳарнинг баъзи ҳудудларини эгаллаб олган эди.

Озодлик Ироқ хизмати мухбирларига кўра, Анбар вилоятининг пойтахти Рамади шаҳрида пайшанба тунда танклар ва ҳаво ҳужумлари амалга оширилиб, машиналар портлатилган.

Ҳукумат кучлари маҳаллий сунний қавмлар билан биргаликда Рамади ва Фаллужа шаҳарларига ўтган ҳафта бостириб кирган Ал-Қойдага алоқадор сунний жангариларни сиқиб чиқаришга уринмоқда.

Озодликнинг Рамади шаҳридаги мухбирининг хабар қилишича, маҳаллий қавм шайхлари ва ҳокимият расмийларининг баъзилари бомба ҳужумларига нишон бўлган. Ҳозирча бир ҳафтадан бери давом этаётган зўравонликларда талафотлар қанча бўлгани аниқ эмас.