Рейтерс: Россия ва Эрон товар эвазига нефть дастури борасида музокара қилмоқда

Рейтерс агентлигининг хабар қилишича, Эрон билан Россия товар учун нефть дастури борасида музокара қилмоқда. Бу дастур амалга ошадиган тақдирда Ғарб давлатлари санкциялари остида қолган Эроннинг нефть экспортини ошириш имкони пайдо бўлади.

Рейтерс агентлиги музокараларга алоқадор Россия ва Эрондаги учта манбага таяниб, берган хабарига кўра, Россия ускуналар ва бошқа маҳсулотлар эвазига Эрондан кунига 500 минг баррель нефть сотиб олишини кўзда тутувчи битимининг якуний тафсилотлари музокара қилинмоқда.

Ҳозирча мазкур битим Женевада Эрон билан қудратли давлатлар олтилиги, жумладан Россия ўртасида давом этаётган музокараларда якуний келишувга эришилиши олдидан амалга ошадими йўқми, номаълум қолмоқда.

АҚШ ва Европа Иттифоқи жорий қилган санкциялар оқибатида кейинги 18 ой давомида Эрон нефть экспорти 50 фоиздан ортиқроққа камайган. Россиянинг Эронга қарши санкциялари йўқ.