Ўш янги мэри қонун устиворлигини таъминлашни ваъда қилмоқда

Ўш шаҳар мэри Айтмамат Қодирбоев.

Ўш шаҳрига янги сайланган мэр Айтмамат Қодирбоев шаҳарда қонунсизлик ҳукм суришига йўл қўймаслигини айтмоқда.

Пайшанба куни Озодликка берган интервьюсида Қодирбоев “ҳокимиятни эгаллаб олишга” чақираётганлар ҳеч қачон ўз ниятларини амалга ошира олмайди, дея таъкидлади.

Чоршанба куни Ўшнинг мунозарали собиқ мэри Мелис Мирзақматовнинг 10 мингга яқин тарафдори сайлов натижалари қалбакилаштирилгани тўғрисидаги иддаолар билан шаҳар мэрияси биноси олдида норозилик намойиши ўтказди. Сайловда мағлуб бўлган Мирзақматов яқин орада “ҳақиқий сиёсий кураш” бошлашини эълон қилди.

Ўш шаҳар полициясига кўра, чоршанба кунги норозилик пайтида полициячиларга ҳужум қилингани ва президент Алмазбек Атамбаев портрети ёқиб юборилгани юзасидан тергов очилган.

2010 йилги қонли воқеалар пайтида Ўшга раҳбарлик қилган Мирзақматов ўтган ойда бош вазир Жанторо Сатибалдиев томонидан ишдан олинган эди.