Бағдоддаги портлашларда йигирмадан ортиқ одам ҳалок бўлди

Душанба куни Ироқ пойтахтида содир этилган камида еттита портлаш оқибатида 20 дан зиёд одам нобуд бўлди, ўнлаб одам тан жароҳати олди.

Бешта портлаш Бағдоднинг шиалар истиқомат қиладиган мавзеларида, иккитаси эса суннийлар истиқомат қиладиган маҳаллаларда содир этилгани айтилмоқда.

Энг кўп қурбон пойтахт жанубида жойлашган Абу Дшер мавзеидаги бозор яқинида берилган. Бу ерда автомобиль портлаши оқибатида 7 киши ҳалок бўлган, 18 киши жароҳатланган.

Бу ҳужумлар учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ. Йил бошидан буён Ироқда содир этилган зўравонлик хуружларида бир неча юз киши қурбон бўлган.