Женевада Сурия мухолифати ва ҳукумати вакиллари учрашуви давом этмоқда

Женева учрашувида иштирок этаётган Сурия мухолифати вакиллари.

Женевада якшанба куни Сурия мухолифати ва президент Башар Ассад ҳукумати вакилларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув пайтида гуманитар масалалар муҳокама қилинган.

2011 йил март ойида мухолифат ва ҳукумат ўртасида қуролли қарама-қаршилик бошланганидан бери томонлар биринчи марта музокара ўтказмоқда. Учрашувда БМТ ва Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Лаҳдар Браҳимий иштирок этаётир.

Сурия мухолифати учрашув чоғида ҳукуматга қамоқққа ташланган 10 мингдан ортиқроқ одамнинг рўйхати берилганини хабар қилди. Улар орасида аёллар ва болалар бор. Мухолифат уларнинг тез орада қамоқдан бўшатилишини талаб қилмоқда. Шунингдек, учрашувда Хомс шаҳрига озиқ-овқат юкланган карвоннинг киритилиши муҳокама қилинган.

Лаҳдар Браҳимий учрашувлар душанба куни ҳам давом этишига умид билдирди. Унга кўра, душанба куни сиёсчий масалалар муҳокама этилади.

Сурия мухолифати Башар Ассаднинг истеъфога кетишини ва муваққат ҳукумат ташкил этилишини талаб қилмоқда. Суриянинг амалдаги ҳукумати вакиллари бу талабни қабул қилишдан бош тортмоқда.