Янукович ўз ҳукумати норозилар талабини тўлиқ бажарганини иддао қилиб, Украина мухолифатини айбламоқда

Украина Президенти Виктор Янукович ҳукумат мамлакатда вужудга келган бўҳронни ҳал қилиш учун ўз зиммасига олган барча мажбуриятларни бажаргани таъкидлаб, мухолифат вакилларини қарама-қаршиликни авж олдиришни давом эттираётганликда айблади.

Пайшанба куни президент маъмурияти тарафидан эълон қилинган баёнот орқали Янукович ҳокимият вакиллари хатоларга йўл қўйганини эътироф этди ва халқнинг эҳтиёж ва талабларини “яхшироқ тушунишга” ваъда берди.

Януковичнинг баёноти мухолифат иқтидордаги партия тарафидан парламент орқали қабул қилинган амнистия тўғрисидаги қонунни рад этилиши ортидан эълон қилинди. Ҳибсга олинган намойишчиларга нисбатан амнистия қўлланиши учун улар эгаллаб олган ҳукумат бинолари бўшатилиши шарт қилиб қўйилган.

Норозилар талабига бўйсиниш ўлароқ Янукович сешанба куни ҳукуматни истеъфога чиқарди ва парламент намойишларни тақиқловчи қонунни бекор қилди.

Мухолифат бу чораларни етарли эмас, дея рад қилмоқда.

Янукович маъмуриятининг пайшанба куни маълум қилишича, президент “ўткир нафас йўли касаллиги билан оғриб қолглани ва иситмаси ошиб кетгани” туфайли касаллик таътили олган. Президент қачон ишга қайтиши аниқлаштирилгани йўқ.