Қирғиз муфтийси жинсий озчиликларга қарши фатво эълон қилди

Қирғизистоннинг муваққат муфтийси Мақсат Ҳожи Токтомушев бир жинсли муносабатларга қарши фатво эълон қилиб, Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг янги ҳисобтида берилган хулосаларни савол остига олди.

Пайшанба куни Қирғизистон мусулмонлари идораси вебсайтида эълон қилинган баёнотида Токтомушев Исломда бир жинсли муносабатлар мутлақо тақиқланганини қайд этди. Гомосексуализм Қирғизистонда 1998 йилда жиноятлар сирасидан чиқарилган.

ҲРУнинг чоршанба куни Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари жинсий озчиликларни камситишига доир ҳисоботига жавобан муфтий мамлакат расмийлари ва парламентини “инсонпарварлик ғояларини баҳона қилиб, жамиятда беқарорлик уруғини тарқатаётган баъзи ташкилотларнинг фаолиятига алоҳида эътибор қаратиш”га чақирди.

ҲРУ эълон қилган ҳисоботда Қирғизистонда полиция гей ва бисексуал эркакларни асоссиз ҳибсга олгани, жинсий зўрлагани, уларга таҳдид қилгани каби ҳолатлар келтирилган. ҲРУ вакиллари Қирғизистон расмийларини жинсий озчилик вакиллари ҳимоя қилишга чақирди.