Алишер Усмонов “вКонтакте”ни ўз назорати остига олди

Россиянинг энг бой одами сифатида эътироф этилган Алишер Усмонов.

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов “вКонтакте” ижтимоий тармоғи назорат пакетига эгалик қилиш имкониятини қўлга киритди.

Ўтган ҳафтада мазкур ижтимоий тармоқнинг собиқ эгаси Павел Дуров Усмонов томонидан назорат қилинадиган “Мегафон” ширкатининг бош директори Иван Тавринга ўз акцияларини сотганди.

Усмонов назоратидаги Mail.Ru Group холдинги эса “вКонтакте” акцияларининг қарийб 40 фоизига эгалик қилади. Шу тариқа Алишер Усмонов ўз тузилмалари орқали бу ижтимоий тармоқ акцияларининг 52 фоизини, яъни назорат пакетини тасарруф қилиш имкониятига эга бўлди. Акцияларнинг қолган 48 фоизи United Capital Partners жамғармасига тегишли.

Шу йилнинг январь ойида ижтимоий тармоқ раҳбариятига Усмоновга тегишли тузилмалардан уч нафар менежер ишга ўтган.

Ҳозирда Россияда истиқомат қиладиган 60 ёшли Алишер Усмоновнинг бойлиги, Bloomberg Markets журнали маълумотларига кўра, 20 миллиард АҚШ долларига тенг.