Назарбоев иқтисодни қувватлашга 5,4 миллиард доллар ажратди

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ҳукумат ва Mарказий банкка мамлакат иқтисодий ўсишини қўллаб-қувватлаш учун Миллий жамғармадан 1 триллион тенге (5,4 миллиард АҚШ доллари) миқдорида маблағ ажратишни буюрди. Шу ҳафта бошида қозоқ миллий валютаси 19 фоизга девальвация бўлган эди.

Қозоғистон Миллий жамғармаси асосан нефть экспортидан тушган даромаддан ташкил топган.

Жума куни ҳукумат мажлисида қилган чиқишида Назарбоев ҳукуматдан нархларнинг ошишига йўл қўймасликни талаб қилди ва давлат корхоналари ишчи-хизматчилари маошини 10 фоизга оширишни буюрди.

Назарбоев шунингдек ҳукумат “Қозоғистонни сармоядорлар учун жаннатга айлантирмаса”, уни бошқа ҳукумат билан ўзгартириш мумкинлигидан огоҳлантирди.

Сешанба куни тенге давальвацияси эълон қилингани мамлакат бўйлаб хавотирларга сабаб бўлди. Чоршанба ва пайшанба кунлари Қозоғистоннинг иқтисодий пойтахти Олмаотада ўнлаб норози юриш уюштириб, девальвация сабабларини “тегишли тарзда изоҳлаш” ҳамда Миллий банк раиси Қайрат Калимбетовнинг истеъфосини талаб қилди.