Янукович халқаро қидирувга берилиши мумкин

Украинанинг янги ҳукумати ҳокимиятдан ағдарилган президент Виктор Януковични норозиларни “оммавий ўлдиршда” айблаб, халқаро қидирувга бермоқчи.

Украина Бош прокуратурасининг билдиришича, Янукович билан бирга собиқ ички ишлар вазири Виталий Захарченко ҳам қидирилмоқда.

Янукович Киевдан ўтган дам олиш кунлари қочиб кетган эди. Унинг ҳозир қаерда экани маълум эмас, бироқ маълумотларда унинг Украина ҳудудини тарк этмагани айтилмоқда.

Чоршанба куни РБК агентлиги Россия ҳукумрон доираларидаги нуфузли манбага таянган ҳолда Януковичнинг Москвага келгани ҳақида хабар тарқатган эди. Бироқ Россия расмийлари мазкур хабарни тасдиқлагани йўқ.