Ҳолливудда Оскар мукофотлари топширилди

Энг зўр фильм деб тан олинган “12 йил қулликда” фильми режиссёри Стив МакКуин.

Америка коноакадемияси энг яхши фильм учун Оскар мукофотини “12 йил қулликда” номли фильмга берди.

Киноакадемия мукофотини топиширш 86-маросимида энг кўп Оскар ҳайкалчалари 3D форматида суратга олинган “Гравитация” номли триллерга тегди. “Гравитация”га берилган олти Оскар қаторида фильм муаллифи Алфонзо Куарон энг яхши режиссёр номинацияси ғолиби, деб эълон қилинди.

Энг яхши актёр номинациясида “Даллас харидорлари клуби” номли фильмда бош рольни ижро этган Маттью МакКонахи Оскар совриндори бўлди.

Режиссёр Вуди Алленнинг “Мовий Жасмин” фильмида бош ролни ижро этган Кэйт Бланшет энг яхши актриса, дея эътироф этилди.

Жаред Лето “Даллас харидорлари клуби” фильмидаги ижроси учун иккинчи пландаги энг яхши актёр Оскарига сазовор бўлди. Иккинчи пландаги энг яхши актриса номинациясидаги Оскарни “12 йил қулликда” филмидаги роли учун Лупита Нёнг олди.

Энг зўр фильм деб тан олинган “12 йил қулликда” фильми режиссёри Стив МакКуин Оскар мукофотини олиш учун саҳнага чиқиб, ўз картинасини “қулликни бошдан кечирган барча одамга” бағишлаганини билдирди.

Бу фильмда асли нью-йорклик бўлган қора танли Соломон Нортхапнинг ҳикояси берилган. Аслида эркин бўлган Нортхап 19-аср ўрталарида Нью Йоркдан ўғирлаб кетилиб, Луизинада қулликка сотиб юборилади.