16 мартга кўчирилган Қрим референдумида Россияга қўшилиш масаласи қўйилади

Қримнинг Россия қўйган Бош вазири Сергей Аксëнов.

Ўзини Қрим мухтор республикаси янги ҳукумати деб эълон қилган гуруҳ вакили¸ Бош вазир ўринбосари Рустам Темиргалиев мухтор ўлка кейинги мақомини белгилаш юзасидан реферндумнинг 30 мартдан 16 мартга кўчирилганини эълон қилди.

Унга кўра¸ референдум қоғозида фақат икки савол бўлади ва қримликлар “Қрим Украина таркибида қолсин”¸ ëхуд “Қрим Россия таркибига кирсин” деган жавобдан бирини танлаши лозим бўлади.

Айтилишича¸Қрим Олий кенгаши референдум кунини олдинга кўчириш ва халқ муҳокамасига ана шу икки масалани қўйиш ҳақида овоз берган.

Февраль охирида референдум ўтказилишини эълон қилган Қрим ҳукумати¸ Украина таркибидан чиқиш масаласининг кун тартибига қўйилиши ҳақида лом-мим демаган эди.

Киев муваққат ҳукуматига бўйсунишдан бош тортаëтган Қрим ҳукумати¸ ҳозирга қадар референдум кунини икки марта ўзгартирди – аввалига 25 мартга белгиланган бу тадбир¸ сўнгра 30 мартга кўчирилган эди.

Айни пайтда¸ "Справедливая Россия" партияси етакчиси Сергей Мироновнинг билдиришича¸ Давлат Думаси келаси ҳафта хориж давлати таркибий қисмининг Россия таркибига қўшилишини соддалаштирувчи қонун лойиҳасини қабул қилади.

Ҳозирланган қонун лойиҳасида¸ хориж давлати ҳудуди фуқаролари референдум орқали Россияга қўшилишга овоз берса ëхуд бошқа давлат таркибий қисмининг легитим давлат ҳокимияти томонидан расмий сўров берилган тақдирда¸ Россиянинг бу ҳудудни ўз таркибига қўшиб олиши белгиланган.