БМТ Бош котиби Исроилга Ғазодан ракета отилганини қоралади

БМТ Бош котиби Бан Ги Мун Ғазо минтақасидан Исроилга ракета ҳужуми уюштирилганини қоралади.

Бан Ги Мун ўз баёнотида барча томонларни имкони борича босиқ бўлишга ҳамда кескинликнинг кучайиб кетишига сабаб бўлувчи ҳаракатлардан тийилишга чақирди.
Исроил ҳарбийлари Ғазо минтақасидан чоршанба куни Исроил ҳудудига 60 ракета отилганини билдирмоқда.

Ракета ҳужумларидан талофат кўрганлар ва жабрланганлар йўқ. Ҳужум учун масъулиятни Ислом жиҳоди гуруҳи ўз зиммасига олган.

Исроил ҳарбийлари сешанба куни Ғазо минтақасига авиаҳужум уюштириб, уч кишини ўлдиргани Исломий жиҳод гуруҳининг Исроилга ракеталар отишига сабаб бўлгани айтилмоқда.

Исроил ҳарбийларига кўра, ракеталарнинг кўпчилиги “темир гумбаз” ракетага қарши тизими томонидан йўқ қилинган. Исроил томони ракета ҳужумларига артилерия бомардимони билан жавоб қайтаргани хабар қилинди.

Исроил Ташқи ишлар вазири Авигдор Либерман мазкур воқеадан сўнг Ғазо минтақасини босиб олишга чақирди. Чоршанба куни Исроилга ташриф қилган Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон ракета ҳужумини қоралади.