АҚШнинг Форт Худ ҳарбий базасида яна отишма бўлди

АҚШ расмийлари Техас штатидаги Форт Худ ҳарбий базасидаги отишмада бир одам ўлгани ва 14 одам яралангани тўғрисида маълумот тарқатди.

Дастлабки хабарларга қараганда қуролланган жиноятчи базада 20га яқин ўқ отган. Ўқ отган одамнинг ўлдирилгани тўғрисида пайдо бўлган хабарлар ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ. Айни пайтда база полициячилар томонидан ўраб олинган. АҚШ президенти Барак Обама фожеанинг келиб чиқиш сабаби ипидан игнасигача ўрганилишини билдирди.

Форт Худ базасида 2009 йилнинг ноябрида майор Нидал Ҳасан 13 ҳарбийни ўлдириб, 32 кишини яраланган эди. Ўтган йилнинг сентябрида Нидал Ҳасан ўлим жазосига ҳукм қилинган. У АҚШ ҳарбийларининг Афғонистонга жўнатилишига норозилик сифатида мана шу фожеани содир этганини билдирган.