Эрон нефти: Россия АҚШ огоҳлантиришларига қулоқ солмади

Россия ҳукумати Эрондан нефт сотиб олмаслик ҳақидаги АҚШ огоҳлантирувига қулоқ солмади.

Мамлакат Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Москва Вашингтон дўқ-пўписаларидан қўрқмаслигини айтмоқда.

РИА Новости ахборот агентлиги Рябковнинг, Россия ва Эрон ўртасидаги савдо алоқалари “ҳеч қайси тарафга сиёсий ёки иқтисодий қаршилик туғдирмайдиган табиий жараёндир”, деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда.

"Коммерсант" нашри хабарига кўра, Россия кунига 500 минг баррель Эрон нефтини сотиб олишни режалаштирмоқда.

Мутаҳассислар бундай келишув ўтган йили Эрон ва дунёнинг етакчи давлатлари ўртасида Теҳрон ядровий дастури бўйича тузилган битим шартларига зид келишини айтмоқдалар.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри 7 апрель куни агар Россия ва Эрон ўртасида нефт савдоси бўйича шартнома тузилса, Вашингтон тегишли санкциялар жорий этиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.