"Атлетико" ва "Бавария" Европа Чемпионлар лигаси ярим финалига чиқди

“Атлетико” футбол клуби 9 апрель куни ўз уйида “Барселона”ни мағлуб этиб, 2014 йилги Европа Чемпионлар лигасининг ярим финалига йўлланмани қўлга киритди.

Ўйинда киритилган ягона голга учрашув 5-дақиқасида мезбонлар ярим ҳимоячиси Коке муаллифлик қилди.

Чорак финалнинг “Камп Ноу”да ўтган дастлабки учрашувида жамоалар ўртасида 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилган эди.

Чемпионлар лигаси ярим финалининг тўртинчи иштирокчиси Мюнхенда аниқланди. ЧЛнинг амалдаги чемпиони “Бавария” клуби “Манчестер Юнайтед” устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олди.

Жамоалар ўртасида “Олд Траффорд”да ўтган чорак финалининг дастлабки учрашуви 1:1 ҳисобида якунланган эди.

Шундай қилиб, 2014 йилги Чемпионлар лигаси ярим финалида “Реал Мадрид”, “Челси”, “Атлетико” ҳамда “Бавария” клублари беллашади.

Ярим финал беллашувлари 22-30 апрел кунлари оралиғида бўлиб ўтади.